Uzbek Quran

Chapter 89 (Sura 89)
1; Фажр билан қасам.
2; Ва ўн кеча билан қасам. (Уламоларимиз, ушбу оятдаги ўн кечадан мурод Рамазон ойининг охирги ўн кечаси, уларда Лайлатул қадр кечаси ҳам бор, деганлар.)
3; Жуфту тоқ билан қасам.
4; Ва юрилган тун билан қасам.
5; Мана шуларда ақл эгаси учун (қаноатлантирувчи) қасам бордир?!
6; Сен Роббинг Одга қандай (муомала) қилганинни билмадингми?
7; Баланд устунли «Ирам»га.
8; Унинг мисли бошқа диёрларда халқ қилинмаганга.
9; Ва водийда харсанг тошларни кесган Самудга. ( Роббинг нима қилганини билмадингми?)
10; Ва кўп аскарлари бор Фиръавнга. (Роббинг нима қилганини билмадингми?)
11; Улар турли ўлкаларда туғёнга кетган эдилар.
12; Улар у(ўлка)ларда бузғунчиликни кўпайтирдилар.
13; Бас, Роббинг уларнинг бошига турли азобларни қуйди.
14; Албатта, Роббинг кузатиб турувчидир. (У ким нима қилаётганини ўта аниқлик билан кузатиб туради. Кузатиб туриб туғёнга кетган, ҳаддидан ошган ва зулм қилганларнинг жазосини беради.)
15; Бас, қачон инсонни Роббиси синаш учун икром қилса ва неъмат берса: «Мени Роббим икром қилди», дейдир.
16; Бас, қачон Роббиси синаш учун ризқини тор қилиб қўйса: «Роббим мени хорлади», дейдир.
17; Йўқ! Балки Сизлар етимларни икром қилмассизлар.
18; Бир-бирингизни мискинларга таом беришга ундамассизлар.
19; Ва меросни шиддатла ейсизлар.
20; Ва молни кўп яхши кўрасизлар.
21; Йўқ! Вақтики, ер зилзилага тушиб парча-парча бўлиб кетса.
22; Ва Роббинг ва фаришталар саф-саф бўлиб келса.
23; Ва ўша кунда жаҳаннамни келтирилса, ўша кунда инсон эслайдир. Лекин бу эслашдан энди не фойда?!
24; У, афсуски, (охират) ҳаётимга ҳам бирор нарса тақдим қилсам бўлар экан, дейдир.
25; Бас, ўша кунда Аллоҳнинг азобига ўхшаш азобла ҳеч ким азобламас.
26; Ва Унинг боғлашига ўхшаш ҳеч ким боғламас.
27; Эй хотиржам нафс!
28; Роббингга сен Ундан, У сендан рози бўлган ҳолингда қайт!
29; Бас, бандаларим ичига киргин!
30; Ва жаннатимга киргин!

Pages ( 89 of 114 ): « Previous1 ... 8788 89 9091 ... 114Next »