Uzbek Quran

Chapter 54 (Sura 54)
1; Соат (қиёмат) яқинлашди ва ой бўлинди.
2; Агар бир оят-мўъжизани кўрсалар, юз ўгирарлар, бу ўткинчи сеҳр, дерлар.
3; Ва ёлғонга чиқардилар ҳамда ҳавойи нафсларига эргашдилар. Ҳолбуки, ҳар бир иш ўз ўрнини топувчидир.
4; Ва, дарҳақиқат, уларга зажри бор хабарлардан келган эди.
5; (Бу Қуръон) етук ҳикматдир. Бас, огоҳлантирувчилар фойда бермас.
6; Бас, улардан юз ўгир! Чақирувчи мункар нарсага чақирган кунда. қабрлардан, кўзлари қўрқинчга тўлган ҳолда, худди ёйилган чигирткага ўхшаб чиқиб келадилар.
7; Улар қабрлардан, кўзлари қўрқинчга тўлган ҳолда, худди ёйилган чигирткага ўхшаб чиқиб келурлар.
8; Чақирувчига қараб бўйинларини чўзиб, шошилиб борурлар. Кофирлар, бу қийин кун-ку, дерлар.
9; Булардан олдин Нуҳ қавми ҳам ёлғончи қилган эди. Бас бандамизни ёлғончига чиқаришди ва, мажнун, дейишди. Ҳамда унга тўсиқлар қўйишди.
10; Бас, у Роббисига дуо қилиб: «Албатта, мен мағлуб бўлдим, ёрдам бер», деди.
11; Осмон эшикларини шаррос сув билан очиб юбордик.
12; Ва ердан отилтириб, булоқлар чиқардик. Бас, сувлар тақдир қилинган иш учун бирлашдилар.
13; Ва у(Нуҳ)ни тахталари ва михлари бор нарса устига кўтардик.
14; У(кема) инкор қилинган шахс (Нуҳ)га мукофот бўлиб, Бизнинг иноятимиз ила юрадир.
15; Ва у(ҳодиса)ни белги қилиб қолдирдик. Қани, ибрат олувчи борми?
16; Бас, Менинг азобим ва огоҳлантиришим қандоқ бўлди?!
17; Дарҳақиқат, Биз Қуръонни зикр учун осон қилдик. Бас, зикр қилувчи борми?!
18; Од (Ҳудни) ёлғончига чиқарди. Бас, Менинг азобим ва огоҳлантиришим қандоқ бўлди?
19; Биз давомли машъум кунда улар устига сорсор шамолини юбордик. («Сорсор» деб номланган шамол ўзи ўта совуқ бўлиб, овози жуда ҳам кучли бўлар экан.)
20; У одамларни, худди хурмо дарахтини томири билан қўпоргандек, (ердан) узиб-учириб ташларди.
21; Бас, Менинг азобим ва огоҳлантиришим қандоқ бўлди?!
22; Дарҳақиқат, Биз Қуръонни зикр учун осон қилдик. Бас, зикр қилувчи борми?!
23; Самуд огоҳлантирувчиларни ёлғонга чиқарди.
24; Улар:«Биз ўзимиздан бўлган бир одамга эргашамизми? Агар шундай бўлса, албатта, адашувда ва жинниликда бўламиз.
25; Бизларнинг орамиздан (келиб-келиб) унга зикр (ваҳий) туширилибдими; Йўқ, у ёлғончи ва кеккайгандир», дедилар.
26; Эртага ким ёлғончи ва кеккайган эканини билурлар.
27; Биз уларни синаш учун туяни юборувчимиз. Уларни кузатиб тур ва сабр қил.
28; Ва уларга, албатта, сув ораларида тақсимланганининг хабарини бер. Ҳар бир ичишга (ўз вақтида) ҳозир бўлинар. (Туя билан Самуд қавми сувнинг кунма-кун тақсимлангани тўғрисида гап бораётибди.)
29; Бас, улар ўз шерикларини чақирдилар. У (туяни) тутди ва сўйиб юборди.
30; Бас, Менинг азобим ва огоҳлантиришим қандоқ бўлди?!
31; Албатта, Биз уларга бир овоз юбордик. Ва улар қўра қурувчи (йиққан) қуруқ шох-шаббаларга ўхшаб қолдилар.
32; Дарҳақиқат, Биз Қуръонни зикр учун осон қилдик. Бас, зикр қилувчи борми?!
33; Лут қавми огоҳлантирувчиларни ёлғончига чиқарди.
34; Албатта, Биз уларнинг устига (тош) бўрон юбордик. Фақат Лут хонадонига саҳар чоғи нажот бердик.
35; Бу Биз тарафимиздан неъмат бўлди. Кимки шукр қилса, худди шундай мукофотлармиз.
36; Дарҳақиқат, у(Лут) уларни Бизнинг (азобга) тутишимиздан огоҳлантирган эди. Бас, улар огоҳлантиришларга ишонмадилар.
37; Улар ундан меҳмонларини топширишни сўрадилар. Бас, кўзларини кўр қилдик. Менинг азобим ва огоҳлантиришларимни тотиб кўрсинлар.
38; Батаҳқиқ, эрта тонгда уларни собит, давомли азоб тутди.
39; Бас, Менинг азобларимни ва огоҳлантиришларимни татиб кўринглар!
40; Дарҳақиқат, Биз Қуръонни зикр учун осон қилдик. Бас, зикр қилувчи борми?!
41; Дарҳақиқат, Фиръавн аҳлига огоҳлантиришлар келди.
42; Улар Бизнинг оятларимизнинг барчасини ёлғонга чиқаришди. Бас, Биз уларни ғолиб, қудратли олувчининг олиши билан олдик.
43; Сизнинг кофирларингиз аввалгиларингиздан яхшироқми?! Ёки самовий китобларда сизларга оқлов борми?!
44; Ёки, Биз нусратга эришувчи жамоатмиз, дейишадими?!
45; У жамоа тезда енгилар ва орқаларига қараб қочарлар.
46; Йўқ! Уларга ваъда қилинган вақт, соат(қиёмат)дир. Ва соат (азоби) улканроқ ва аччиқроқдир.
47; Албатта, жинояткорлар адашувда ва олов-оташдадирлар.
48; Юзтубан дўзахга судраладиган кунларида: «Жаҳаннам азобини татиб кўринг!» (дейилур).
49; Албатта, Биз ҳар нарсани ўлчов билан яратдик.
50; Бизнинг фармонимиз бир сўздан ўзга эмас. Кўз юмгунча бўлур.
51; Дарҳақиқат, Биз сизга ўхшаганларни ҳалок қилдик. Бас, буни эсловчи борми ўзи?!
52; Ва уларнинг ҳар бир иши китоблардадир.
53; Ҳар бир кичигу катта сатрлангандир. (Макка мушриклари, қандай қилиб инсоннинг ишларини сатрларга ёзиб, ҳужжат тўплаб бориш мумкин, деб ўша вақтда ажабланган бўлишлари мумкин. Аммо биз ҳозирги ҳисоб-китобларни, ёзиш асбобларини кўриб-билиб туриб, қандоқ қилиб бу ҳақиқатни инкор эта оламиз?)
54; Албатта, тақводорлар жаннату анҳорларда.
55; Сидқ ўриндиқда, қудратли Подшоҳ ҳузуридадирлар.

Pages ( 54 of 114 ): « Previous1 ... 5253 54 5556 ... 114Next »