Uzbek Quran

Chapter 81 (Sura 81)
1; Вақтики, қуёшни буклаб, ўралса.
2; Ва, вақтики, юлдузлар сочилиб кетса.
3; Ва, вақтики, тоғлар сайр қилдирилса.
4; Ва, вақтики, ҳомиласига ўн ой тўлган туялар қаровсиз қолса.
5; Ва, вақтики, ваҳший ҳайвонлар бир жойга тўпланса.
6; Ва, вақтики, денгизлар аланга олиб ёнса.
7; Ва вақтики, нафслар жуфтлаштирилса. (Яъни, руҳ танага қайтарилиб, икковлари бирлашсалар.)
8; Ва вақтики, тириклай кўмилган қиздан сўралса.
9; У нима гуноҳ учун ўлдирилган?
10; Ва, вақтики, саҳифалар нашр қилинса.
11; Ва, вақтики, осмон қўпорилса.
12; Ва, вақтики, жаҳаннам қиздирилса.
13; Ва, вақтики, жаннат яқинлаштирилса.
14; Ҳар бир жон нима ҳозирланганини билади.
15; (Кундузи) махфий бўлувчи(юлдуз)лар билан қасам.
16; (Кечалари) юрувчи, беркинувчи(юлдуз)лар билан қасам.
17; Қоронғулиги билан кириб келган кеча билан қасам.
18; Нафас олиб, кириб келган тонг билан қасам.
19; Албатта у(Қуръон) карамли Расулнинг сўзидир.
20; У қувватлидир. Арш эгаси ҳузурида мартабаси олийдир.
21; Итоат қилинган, омонатли.
22; Сизнинг соҳибингиз мажнун эмас.
23; Батаҳқиқ ул ани очиқ-ойдин уфқда кўрди. (Муҳаммад с. а.в. Жиброилни очиқ-ойдин уфқда ўз кўзлари билан асл яратилишида кўрдилар.)
24; Ва у ғайбга бахил эмас.
25; Ва у(Қуръон) тошбўрон қилинган шайтоннинг сўзи эмас.
26; Бас, қаёққа кетмоқдасиз?!
27; У (Қуръон) оламларга эслатмадан бошқа нарса эмас.
28; Сизлардан мустақим бўлишни хоҳловчилар учун.
29; Оламларнинг Роббиси Аллоҳ хоҳламаса, сизлар хоҳлай олмассизлар. (Ҳар бир нарса Аллоҳнинг хоҳишига боғлиқ. Ҳар бир нарса Аллоҳ таолонинг хоҳиши ила бўлади.)

Pages ( 81 of 114 ): « Previous1 ... 7980 81 8283 ... 114Next »