Uzbek Quran

Chapter 51 (Sura 51)
1; Чанг тўзитувчи(шамол) лар билан қасам.
2; Юк кўтарувчи(булут)лар билан қасам.
3; Осон юрувчи(кема)лар билан қасам;
4; Иш тақсимловчи(фаришта)лар билан қасам.
5; Албатта, сизга ваъда қилинган нарса ростдир.
6; Ва, албатта, қиёмат воқеъ бўлгувчидир.
7; Гўзал, мустаҳкам осмон билан қасам.
8; Албатта, сиз ихтилофли гапдасиз.
9; У(Қуръон)дан ким бурилса, (бир йўла) буриб қўйилур. (Қуръондан бурилиб, бошқа нарсани тутмоқчи бўлган, ҳеч қачон нажот топмабди. Чунки, бир йўла залолатга бурилиб қолган бўлади.)
10; Ёлғончиларга лаънат бўлсин!
11; Улар жаҳолатдаги ғофиллардир.
12; Улар ҳисоб-китоб куни қачон, деб сўрарлар.
13; Бу кунда улар оловда азобланурлар.
14; «Азобингизни татиб кўринг», сиз қачон бўлур? деб шошилган нарса-шу» (дейилур).
15; Албатта, тақводорлар жаннатлар ва булоқлардадир.
16; Роббилари берган нарсаларни олувчилардир. Чунки улар бундан олдин эҳсон қилувчилардан бўлганлардир.
17; Улар кечалари оз ухлар эдилар.
18; Ва улар саҳарларда истиғфор айтар эдилар.
19; Ва молу мулкларида, сўровчи ва бечораларнинг ҳақи бордир.
20; Ва ер юзида чуқур ишонувчилар учун белгилар бордир.
21; Ва ўзларингизда ҳам. Ёки кўрмаяпсизларми?!
22; Ва осмонда ризқингиз ҳамда сизга ваъда қилинаётган нарсалар (бор).
23; Осмону ернинг Роббиси ила қасамки, албатта, у(гап) мисоли сиз нутқ қилаётганингиздек ҳақиқатдир.
24; Сенга Иброҳимнинг карамли меҳмонларининг хабари келмадими?
25; Улар унинг ҳузурига кириб, «Салом» деганларида, у: «Салом, нотаниш қавмлар», деди.
26; Ва аҳлига бориб, (пиширилган) семиз бузоқни келтирди.
27; Уни уларга яқинига сурди ва: «Емайсизларми?» деди.
28; Улардан хавфсиради. Улар: «қўрқма», дедилар ва унга илмли ўғил башоратини бердилар.
29; Хотини қичқириб келди ва ўз юзига шапалоқ тушириб: «Туғмас кампир-а?!» деди.
30; Улар:«Сенинг Роббинг шундай деди. Албатта, Унинг Ўзи ўта ҳаким ва ўта билувчидир», дедилар.
31; У:«Эй элчилар! Сизнинг ишингиз надир», деди.
32; Улар:«Албатта, биз жиноятчи қавмга юборилганмиз.
33; Уларнинг устидан лойдан (пиширилган) тошларни ташлаш учун.
34; Роббинг ҳузурида исрофчилар учун белгилаб қўйилган(тош)ларни», дедилар.
35; Ва Биз у жойдан мўминларни чиқардик.
36; У ерда бир хонадондан бошқа мусулмонларни топмадик.
37; Ва у ерда аламли азобдан қўрқадиганлар учун белги қолдирдик.
38; Ва Мусода ҳам. Биз уни Фиръавнга равшан ҳужжат ила юбоганимизда…
39; У юз ўгириб, ишонгани томон юрди ва: «Бу сеҳргар ёки мажнундир», деди.
40; Бас, Биз уни ва аскарларини тутиб денгизга ташладик ва у маломатга лойиқ иш қилувчи эди.
41; Ва Одда ҳам (белги) бор. Вақтики, Биз уларга туғмас шамолни юбордик. (Одатда, шамол ёмғир ёғишига сабаб бўлади. Од қавмига келган шамол эса уларга ёмғир эмас, бало-офат, ҳалокатни олиб келган, шунинг учун унинг туғмас, яъни бефойда деб сифатланяпти.)
42; У қайси нарсага етиб борса, титиб ташламасдан қўймас.
43; Ва Самудда ҳам (белги) бор. Уларга вақтинчалик маза қилиб туринглар, дейилган вақтда…
44; Аллоҳнинг амридан бош тортдилар, бас, қараб турган ҳолларида уларни қаттиқ овоз тутди.
45; Бас, улар ўринларидан туролмадилар ва ёрдам ҳам ололмадилар.
46; Ва бундан аввал Нуҳ қавмини ҳам (ҳалок этганмиз). Албатта, улар фосиқ қавм эдилар.
47; Осмонни Ўз қудратимиз ила бино қилдик. Албатта, Биз кенг қилувчимиз.
48; Ва ерни тўшаб қўйдик. Биз қандоқ ҳам яхши тайёрловчимиз!
49; Ва Биз ҳар бир нарсани жуфт яратдик. Шоядки эсласангиз.
50; Бас, фақат Аллоҳгагина қочинг. Албатта, мен сизларга Ундан (келган) очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман. (Одатда инсон хавфу хатардан, бало-офатдан қочади. Бу оятда тилга олинган хавф-хатар – динсизлик, ғафлат ва осийликдир, ундан қочиш гуноҳ ва ҳаром ишларни тарк этиб, Аллоҳга илтижо этиш билан бўлади. Аллоҳга қочишда инсон учун улуғ саодат ва мартаба бордир.)
51; Ва Аллоҳга бошқа маъбудни шерик қилманглар. Албатта, мен сизларга Ундан (келган) очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман.
52; Худди шундай, булардан аввалгиларга ҳам ҳар бир Пайғамбар келган вақт, уни, сеҳргар ёки мажнун, деганлар.
53; Келишиб олганмилар?! Йўқ, улар туғёнга кетган қавмлардир!
54; Улардан юз ўгир. Бас, сен маломатга қолувчи эмассан. (Пайғамбарнинг вазифаси Аллоҳнинг амрини етказиш. У зот бу ишни ўз ўрнида адо этдилар. Мушриклар гапга кирмадилар, Пайғамбар алайҳиссалом улардан юз ўгирсалар, у зотга маломат йўқ.)
55; Ва эслатгин. Албатта, эслатиш мўминларга манфаат берур.
56; Жин ва инсонни фақат Менга ибодат қилиш учунгина яратдим.
57; Мен улардан ризқ хоҳламасман ва Мени тоамлантиришларини ҳам хоҳламасман.
58; Албатта, Аллоҳ Ўзи ризқ берувчи, қувват эгаси, шиддатлидир. (Демак, Аллоҳ таоло инсу жиндан ризқ сўрамайди, балки уларга ризқ беради. Аллоҳнинг бирдан-бир ирода қилгани ибодатдир, инсу жинни яратишдан мақсад ҳам шудир. Лекин ибодатдан кимга фойда бор? Ибодат қилувчининг ўзига. Унга икки дунёнинг бахтини ибодат беради.)
59; Албатта, зулм қилганларга ўз биродарлари азобичалик азоб бор, шошилмасинлар.
60; Кофирларга ваъда қилинаётган кунларида ҳалокат бўлсин.

Pages ( 51 of 114 ): « Previous1 ... 4950 51 5253 ... 114Next »